Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 январдаги “Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 62-сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари билан биргаликда Республикамиздаги қалампир етиштирувчи деҳқон-фермер ва томорқа хўжалиги эгалари, шунингдек, кўчат етиштируви иссиқхоналар эгалари билан катта майдонларда аччиқ қалампир экиш борасида амалий ишлар олиб бормоқда.

Қарорга асосан, 2018 йилда республикамиз бўйича 17 117 гектар майдонларга қалампир етиштириш режалаштирилган.

Ҳозирда, республикамизда қалампир етиштирувчи фермер хўжаликлари рўйхатлари шакллантирилди ҳамда қалампир экини фермерлар кесимида жойлаштирилди.

Қалампир уруғи ҳамда аванс маблағларини бериш ишлари давом этмоқда.

Тошкент давлат аграр университети ташаббуси билан “Сабзавот-полизчилик, картошкачилик” илмий-тадқиқот институти олимлари, Бирлашган миллатлар ташкилот озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўлими (ФАО) ҳамда Жанубий Кореянинг “КОПИА” ташкилотлари вакиллари ҳамда Республикадаги уруғчилик компаниялари вакиллари иштирокида 14 февраль куни, Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида катта майдонларда аччиқ қалампир етиштириш бўйича илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг деҳқон, фермер ва томорқа хўжаликлари вакиллари иштирок этдилар ва ўзларини қизиқтирган долзарб саволларга жавоб олдилар.

Бу каби семинарлар Республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

перец-чили