Корея Ўзбекистондан гилос импортини оширади

Тошкент шаҳрида «Қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантириш» ҳар йилги гилос танлови бўлиб ўтди. У ерда бутун Ўзбекистондан келтирилган гилоснинг ўнлаб турлари намойиш этилди. Гилосни етиштириш, қадоқлаш, сақлаш ва ташиш бўйича машғулотлар ҳамда янги услублар намойиш этилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон гилос етиштириш бўйича дунёда бешинчи ўринда туради – йилига 100 минг тонна. Ундан камида 30 фоизи ҳар йили МДҲ ва узоқ хориж давлатларига экспорт қилинади.

Фақатгина 2016 йилнинг ўзида 50 млн. долларлик ўзбек гилоси экспорт қилинди.

Шу билан бирга, «Ўзагроэкспорт» АЖ томонидан маҳалллий муассасалар билан ҳамкорликда нафақат экспорт ҳажмини ошириш, балки ўзбек гилоси экспорти географиясини кенгайтириш ва диверсификацияси бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Масалан, жорий йилда асосий экспорт қилинувчи давлатлардан ташқари, янги гилос Буюк Британия, Жанубий Корея, БАА ва бошқа мамлакатларга юборилди.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Корея томонининг талаблари жиддий ўрганиб чиқилганидан сўнг, масъул муассасалар саъй-ҳаракати билан ўзбек гилосини Жанубий Кореяга экспорти тақиқи олиб ташланди. Экспорт шартномалари имзоланиб, экспорт барқарор равишда амалга оширилиши йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, кореялик ҳамкорлар билан анор ва қовун экспорти бўйича келишувга эришилди.

Маркетинг тадқиқотларига кўра, Болтиқбўйи, Европа ва Жануби-шарқий Осиё давлатларида Ўзбекистоннинг янги ва қуритилган мева-сабзавот маҳсулотлари катта талабга эга бўлмоқда.

Шу нуқтаи назардан, хорижда янги ҳамкорларни қидириб топиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. БАА, Япония, Жанубий Корея, Франция, Германия ва бошқа мамлакатлар компаниялари билан экспорт ҳажмини ошириш масаласи ўрганилмоқда.

         Маълумот учун: “Ўзагроэкспорт” АЖ томонидан “Телеграмм” иловасида “Экспорт фруктов и овощей” гуруҳи тузилган бўлиб (https://t.me/Uzagroexport_JSC ёки @Uzagroexport_JSC), унда республиканинг 750 нафардан зиёд экспортёрлари аъзо бўлган. Мазкур гуруҳ экспорт жараёни билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш учун очиқ платформа сифатида хизмат қилади. Экспортёрлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишлари, фермер ва деҳқон хўжаликлари ўз маҳсулотларини таклиф қилишлари мумкин. Шу билан бирга, “Ўзагроэкспорт” АЖ компаниясининг расмий сайти http://uzagroexport.uz доимий ишлаб турибди.

vishnya