ЭКСПОРТ ШАРТЛАРИ

ЯНГИ ВА ҚАЙТА ИШЛАНГАН МЕВА-САБЗАВОТ МАҲСУЛОТЛАРИНИ ЭКСПОРТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ ЎЗГАРДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 19 сентябрдаги «Мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспорт қилишни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-2603-сонли қарорига асосан, 2016 йил 20 сентябридан бошлаб янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумини мажбурий сотуви ставкаси 25 фоиз этиб белгиланди.

Бунда, янги, қуритилган ва қайта ишланган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспортга етказиб бериш юклаб жўнатиладиган маҳсулот қийматининг камида 30 фоизини олдиндан тўлаш шартларида амалга оширилиши ҳамда қолган қисми учун тасдиқланган банк аккредитиви очилиши ёхуд биринчи классли хорижий банк кафолати расмийлаштирилиши белгалаб қўйилди.

Шунингдек, «Ўзагроэкспорт» акциядорлик жамиятига янги, қуритилган ва қайта ишланган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини олдиндан тўловсиз, тасдиқланган банк аккредитиви очмасдан ёхуд биринчи классли хорижий банк кафолатини расмийлаштирмасдан:

«Ўзагроэкспорт» акциядорлик жамиятнинг чет элда очилган қўшма корхоналари ва савдо уйларига;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланадиган рўйхат бўйича ишончли ва узоқ муддатли шериклар бўлган етакчи хорижий ташкилотлар – импорт қилувчилар манзилига чиқариш ва сотиш ҳуқуқи берилди.

Бунда, қуйидаги мезонларга жавоб берувчи ташкилотлар Ишончли ва узоқ муддатли шериклар бўлган етакчи хорижий ташкилотлар бўлиб ҳисобланади:

мева-сабзавотларни олди-сотди қилиш йўналишда камида 3 йил молия-хўжалик фаолиятини амалга ошираётган бўлиши;

солиқ, банк идорлари ва етказиб берувчилар олдида муддати ўтган қарзлар мавжуд бўлмаслиги;

устав жамғармаси миқдори камида 1 млн. АҚШ долларини ташкил этиши;

ишчилар сони камида 50 нафарни ташкил этиши;

камида 10 та савдо шахобчаларидан иборат савдо тармоғи ва/ёки камида битта улгуржи тақсимлаш маркази мавжуд бўлиши лозим.